VARISTON QISHLOG’IDAGI SIRLI YONG’INLAR HAQIDA BILASIZMI

Uch oydan ziyod davom etgan, Samarqand viloyati, Variston qishlog’idagi sirli yong’inlar haqida. Kechalari g’alati tovushlar va boyo’glilarning sayrashi eshitilib turardi. Uylar fanga noma’lum sabablarga ko’ra, qayta va qayta yongan.

Мирёкуб Кобилов
Muallif: Miryoqub Qobilov

Jurnalist, sayohatchi va dinshunos.

Maqolani o’zgartirmasdan, «original» ko’rinishida chop etishga qaror qildik.
“Сирли ёнғин”нинг сири очилмади.

Бундан роппа- роса ўн йил илгари Ўзбекистон республикасининг Самарқанд вилояти, Нарпай тумани, Чақар бекати яқинидаги Варистон қишлоғида уч ойдан зиёд вақт мобайнида “сирли ёнғин” ҳодисаси рўй берган эди.

Сирли ҳодисаларга жудаям қизиқаман. 1989 йилда “Фан ва турмуш” журналининг иккита сонида адашмасам, 1950 йил ўрталарида, тарих фанлар номзоди Турғун Файзиевнинг Тошкентдаги ҳовлисида уч ойга яқин давом этган “Сирли ёнғин” ҳақидаги мақолани қизиқиш билан ўқигандим. Гоҳида чет элларда рўй берган шунга ўхшаш сирли ҳодисалар ҳақидаги хабарларга ҳам кўзим тушиб турарди. Одамлар орасида тарқаган миш-мишларга қараганда бундай ҳодиса энди ўзимизнинг юртимизда ҳам рўй бераётган эмиш. Мен бу “сирли ёнғин”ни ёки унинг асоратини ўз кўзим билан кўриш учун ҳодиса рўй бераётган манзилга қараб йўл олдим.

— Ёнғиндан энг катта талофот кўрган ва ҳали ҳам ёнғин тўхтамаган Марди бобонинг уйи мана шу,- деди менга қишлоқ одамларидан бири. Ҳовлининг дарбозасини таққилатиб уй эгасининг исмини айтиб чақирдим. Болохонали уй эшиги очилиб, ўрта ёшлардаги бир киши чиқди. Мен билан гаплашни истамагандек зарда билан:
— Мен бу ерга яқинда келдим. Ўзим Навоийда тураман. Ҳовли эгалари уйда йўқ. Ундан кейин уй эгалари менга , “мен бор-йўқ пайтимда уйга бирорта мулла, фолбин, қушноч, бахши, эшон, ёзувчи, журналист келса, қўйманглар”, деб тайинлаганлар, — деди у. Унинг маслаҳатига кўра, уйига ўт тушганлардан бири – Руқия Бегматованикига бордим. Қизлари ва қайинсинглисининг эри -Ғани Бердиев ҳам шу ерда экан.
— Яқинда Тошкентдан шайх Абдулазиз Мансур ҳам келиб қишлоғимиз ҳақига дуо қилиб кетдилар. Хонадонлардаги уйлардаги бочкаларга тўлдирилган сувга ҳам дам солдилар. Уч- тўрт кун бўлди, доимий навбатчиликда турган ўт ўчириш машинасининг кетганига. Катта ёнғинлар тўхтаганга ўхшайди, Худога шукур, -деди Руқия опа хўрсиниб.
– Қишлоғимиздаги бир неча кишининг уйлари ўз- ўзидан сабабсиз ёна бошлаганини эшитиб, ҳаммамизнинг тинчимиз йўқолди. Бирорта уйга бехосдан ўт тушса, ғафлатда қолмайлик, деб қишлоқ аҳли кечалари билан ухламай пойлоқчилик қилаяпмиз. Ёнғинлар бошланишидан олдин илгари биз ҳеч қачон эшитмаган бойўғлининг ваҳимали сайраши сингари овозлар пайдо бўлди. Худди бирорта фалокатни олдиндан сезгандек итлар ҳам туни билан увиллаб чиқарди. Кечалари аллақандай махлуқнинг инграган, зорланган овози эшитиларди. Кимдир машинамнинг капотини тақиллатиб урганини ҳам эшитардик,- деди Ғани Бердиев.
У киши ўттиз саккиз йил катта кучланишли электр симлари монтёри бўлиб ишлаганини, ёнғинга сабаб бўлиши мумкин бўлган электр токлари ёки симларнинг чалкашиб кетиши сингари сабаблар бўлмаганини алоҳида таъкидлади. Гапни Руқия опа давом эттирди.
— Шундай аҳволда мен соғлиғимни тиклаш учун йўлланма билан Каттақурғондаги “Нагорная” иссиқ сув шифохонасига даволанишга кетдим. Аммо у ерда кўп тураолмадим. Уч кундан сўнг уйга қайтдим. Ўша куни қизим мени кўргани келди. Сўҳбатлашиб ўтирган эдик, бирдан қизим яшаётган ҳовли томондан қий-чув кўтарилиб қолди. Қизимнинг уйига ўт тушган экан. Ўт ўчириш машиналари етиб келгунча янги қурилган иморатдаги хоналарнинг биридаги барча нарсалар, эшик, дераза ромларигача ёниб тушди. Бошқа хоналарда ҳам ёнғин анча-мунча буюмни куйдирибди. Ўт ўчирувчилар ёрдамида ёнғинни ўчириб бўлиб энди нафасимизни ростлаймиз деб турганимизда, менинг (яъни Руқия опанинг) уйим ҳам ёнаётгани ҳақида хабар келди. Югуриб борсак, битта хонамиз бутунлай ёниб бўлиб ёнғин иккинчи хонага ўтган экан. Қўшнилар ёрдамида бир амаллаб ўчирдик. Орқа девор қўшнимизнинг гапига қараганда, қизим томондан ҳавода битта тутунли шарсимон олов учиб келиб деразамиз ойналарига урилибди-да уни тешиб ўтиб пардаларга ўралабди,- деди Руқия опа. Мени ҳайратга соладиган факт шу бўлди-ки, ёнғин физика қонуни бўйича туташ қўшни хонадонга эмас, она- боланинг ҳовлиси ўртасидаги бир нечта томарқа- хонадонларни сакраб ўтиб Руқия опанинг уйига тушгани бўлди.
— Эй, Худойим-ей, бизларнинг нима гуноҳимиз бор эканки, бундай балоларга гирифтор қилса?!-деди Руқия опа зориллаб. Инсон ақлини карахт қиладиган фавқулодда ҳодисаларни бошидан кечирган жабрдийдалар психолог мададига мухтож бўлишади.
— Сизни ишонтириб айтаманки, бутун умри колхоз даласида ўтган сиздек опанинг гуноҳи меникидан ёки бошқа ҳар қандай одамларнинг гуноҳидан кўп эмас. Агар бу бало гунаҳкорларни жазолаш мақсадида ёғилганда эди, эҳ-ҳе… Дунёда шундай қабиҳ, каззоб, порахўр, зулмкор жиноятчилар борки, бу жазо аввал ўшаларнинг бошига тушган бўларди ,- деб уларнинг кўнгилларини кўтаришга ҳаракат қилдим.
— Ёнғин чиқарадиган нарса жинми, ажинами, уйдаги яхши нарсаларни танлаб ёқишга ўч экан. Ёмон, эски буюмларга тегинмаяпти. Ёнғин чиққан жойларда ўз ўзидан гугурт чўплари пайдо бўлиб қолаяпти. Шифонер ичида ҳам гугурт доналари сочилиб ётган экан. Сув сепиб ўчирсак ҳам гугурт ҳўл бўлмас эди,- деди Руқия опанинг қизи Гулбаҳор ажабланганини яшираолмай.

Махлуқнинг ноласи.

Мен Руқия опанинг уйидан чиқдимда, қишлоқни айланиб талафот кўрган ҳовлиларга кириб хонадон эгалари билан сўҳбатлашдим. Миш-мишларга қараганда ёнғин чиқишига сабаб бўлган ғалати махлуқ ҳақида тўлароқ маълумот олиш учун Ғани аканинг ўғли Шавкатнинг уйига йўл олдим. У ишига кетган экан. Шавкат ҳам отасидек электромонтер бўлиб ишларкан. Ўша махлуқни ўлдиришда қатнашган кишилардан бири, Шавкатнинг ўғли, ўн тўрт ёшлардаги эсли- ҳушли жойида бола билан қизғин сўҳбатлашдим. Махлуқни ўлдириш пайтида у ҳам иштирок этганини айтди.

— У уй деворларида, шифтда бемалол юрарди. Катталар уни ўлдиришаётганда чақалоқнинг овозига ўхшатиб нола қилгандек чийиллаб ингради, мени ўлдирманглар дегандек зорланди. Лекин гапиргани йўқ. Аммо ҳаммаёқ сасиб кетди. Сассиғи жуда ўткир экан. Ўлдиргач, уни ёқдик. Ёққанимизда яхши ёнмади, фақат устидаги жуни озгина куйди. Кўмилган жойини ҳам кўрсатишим мумкин.
— Биз уни шу пайтгача кўрган бирорта ҳайвонга ўхшата олмадик,- изоҳ берди Ғани Бердиев.- Айримлар, илгари шунақа ҳайвон бўларди, отини “шақ-шақ” дердилар, деб айтишди. Айримлар уни сассиққўзан дейишди.
Мен бу ердан чиқиб қишлоқдаги энг биринчи бўлиб уйига ўт тушган Жони бобоникига ўтдим. Ғани ака ўз туғишган акасиникига боришдан бош тортди. “Озгина аразлашиб қолганмиз”, деди у. Мен пайғамбаримиз: “мусулмончиликда уч кундан ортиқ аразлашиш йўқ” , деган гапларини айтиб уни қўймай ортимдан эргаштирдим. Жони бобо 74 ёшда экан, 48 йил электр тармоғида монтёр бўлиб ишлаганини айтди.
— Ҳақиқатдан ҳам ёнғин биринчи бўлиб бизларнинг ҳовлида бошлангани рост. Ўшанда 11 июн куни, кундуз соат ўн икки яримлар чамаси эди. Ҳовлида эдим. Бир вақт қулфланган уй ичидан тутун чиқаётганини кўриб қолдим. Дарҳол эшикни очиб қарасам, шифонернинг ичи бўрўқсаб ёнаяпти. Аввалига миямга “болалар сичқонни ушлаб ўт қўйган бўлсалар, жонивор ўзини шифоньерга уриб-дида”, деган фикр келди. Ёнғин бир пасда катта алангага айланди. Қўни қўшнилар келиб ўтни ўчиришда ёрдамлашишди. Бир балодан қутулдик, деб энди нафасимизни ростлаётган эдик, ҳозиргина ёнган уй ёнидаги хона қолиб иморатимизнинг нариги чеккасидаги бошқа уйнинг пардалари ўз-ўзидан ёна бошлади. Икки хонадаги барча буюмлар ёниб кетди. Сандиқ ичидаги нарсалар ҳам. “Бу ўзларингизнинг ишларингиз”, деди биринчи куни ишдан келган келиним бизларнинг гапимизга ишонмасдан. Ахир қандай қилиб биз ўз уйимизга ўзимиз ўт қўямиз?! Кейинги кунлар ҳам ёнғин тўхтамади. Чордоқдаги латталар ёнди. Бир той пахта бор эди, у ҳам ёнди. Уч кундан кейин бешик устидаги ёпинғичлар ёниб кетди. Ташқарида турган нарсаларни уйга олиб кирсак, яна ёна бошлади. Шу зайлда қарийиб ўн кун давомида уйимиз ўн марта ёнди. Ҳеч вақомиз қолмади. Мол айвонимиз тўрт марта ёнди. Кўрпа-тўшаклар, кийим- кечаклар, ўн тўққизта гиламимиз ёниб кетди. Тўшаб турайлик, деб бозордан янги гилам сотиб олиб келгандек у ҳам ёнди. Ҳозирча сигир ва ғунажинимизни сотиб. Тирикчилик қилиб турибмиз. Олдимиз – қоронғу қиш. Туманимиз давлат идоралари томонидан ҳеч қандай моддий ёрдам йўқ. Яқинда вилоят диний идорасидан келган вакиллар бизга гиламча, кўрпача, ёстиқ ва матрас бериб кетишди,- деди Жони бобо.
Ушбу сирли ҳодиса оддий ёнғин эмаслигини тушунган қўни- қўшнилар ирим қилиб “бу бало ўзимизга ҳам илашмасин”, деб бир- бириникига кирмайдиган бўлишибди.Ҳатто ёнғин чиққанда уни ўчиришга ҳам чиқмай қўйишибди. Жони бобо икки ойдан бери ухлай олмасдан кечалари билан тентираб юрганини ачиниш билан айтди.
Тухум сўраб келган бола.
Мен воқеанинг тубига етиш мақсадида эртаси куни ҳам суриштирувни давом эттиришга қарор қилдим. Мен учун ҳали жуда кўп нарсалар қоронғу эди. Куни кеча суҳбатдошларимни ранжитиб қўйишдан тортиниб сўрашга тилим бормаган, одамлар оғзидаги нохўш миш-мишлар ҳақида сўрашга қарор қилдим.
— Мен эшитган айрим миш-мишларга қараганда, гуёки уйи куйган кишилардан бирининг боласими, неварасими, қайси бир хонадонга борса, айни ўша уйда ёнғин содир бўлаётган эмиш!..
— Аввалига биз ҳам бу гапга ишонгандек. У бизникига ҳам ёнғиндан икки кун олдин тухум сўраб келганди. Бошқаланикига қалампир сўраб борган экан. Лекин энди биз бу гапга ишонмаймиз,-деди Руқия опа.
— Бу қишлоқнинг қадимий номи “Кофир қишлоқ” бўлган эканми?!,- сўрадим Руқия опадан.
— Қарияларимизнинг гапига қараганда, илгари шундай деб аталган қишлоқ бўлган экан. Лекин “Кофир қишлоқ” биздан сал пастроқда жойлашган. У ернинг одамлари тажанг, уришқоқ ва бўлар бўлмасга жанжаллашиб кетадиган одатлари бор экан. Арзимаган нарсадан, масалан, “сенинг дарахтингнинг шохи менинг томорқамга соя солаяпти, уни кесиб ташлайман” қабилидаги майда- чуйда гаплардан жанжал чиқаришар экан-у, лекин яна ҳеч нарса бўлмагандек бир-бирларининг тўй-маъракасига бораверишаркан. Уларнинг бундай бадфеълликларини кўрган бир донишманд киши ранжиб: “э, сизларнинг бу қилиқларингизни кофирлар ҳам қилмайди. Сенлар кофирлардан ҳам бадтар экансизлар”, деб койиган экан. Шундан кейин қишлоқ номи “Кофир қишлоқ” бўлиб қолган дейишади.
— Яна бир хунук миш- миш эшитдим. Эмишки, талафот кўрган кишилардан бирининг қизи никоҳсиз ҳомиладор бўлибди. Ой куни яқинлашгач, шармандаликни яшириш учун эгизак туғилган чақалоқларни тириклайин жийда тагига кўмган эмиш. Ўша жийда кесилганида ковакдан бир ғалати маҳлуқ чиқибди. Махлуқни ўлдиришган экан, болаларнинг руҳи безовта бўлиб, одамлардан ўч олаётганмиш!..
— Билмадим. Бундай оила бизнинг қишлоғимизда бўлмаган. Бу гапни фолчи айтган эмиш. Фолчининг кўзига кўринган эмиш!-деди Руқия опа.
— Фолбинлар шайтон ва жинларнинг малайлари эканини пайғамбаримиз ва ислом уламолари таъкидлашган. Улар инсонлар орасига турли иғво, фитна-фасод солиш билан тирикчилик қилишади,- дедим мен.

Қишлоқдан қувилган “Мушкулкушодчилар”

Варистон қишлоғида бошланган сирли ёнғин ҳақидаги миш-миш хабарлар республикамизнинг турли ҳудудларигача етиб борганди. Ана шундай таҳликали бир пайтда “ўлганнинг устига тепган” деганларидек қишлоққа ўзларини “Тошкентданмиз”, деб таништирган ўнга яқин хотин- қиз отинойи ва мушкулкушодчилар ташриф буюришибди. Улар қишлоқдаги ховлиларга киририб кўчирма, мушкулкушод қилишмоқчимиз дейишибди. Улар қишлоқ аҳлига олдин битта катта қўчқор олиб қурбонлик қилишни буюришибди. Кейин, “йўқ, қўчқор эмас, кўзимизга уч юзта нон ва битта катта- бир миллионлик ( 2007 йил нархида) новвос кўринияпти. Қишлоқ аҳлидан пул йиғиб сотиб олинган шу новвосни сўйиб қурбонлик қиласизлар”, дейишибди. “Одамларимиз ирим қилиб қурбонлик гўштини емайди”, дейишибди қишлоқ аҳли. “”Қурбонликликнинг суяги сизларга қолади, бир ерга кўмасизлар. Гўштини ўзимиз билан олиб кетиб керакли жойларга тарқатамиз”, -дейишибди мушкулкушодчилар.
— Бизда бундай ортиқча маблағ йўқ,-дейишибди қишлоқ аҳли. Маҳалла фуқаролар раиси мушкулкушодчиларни қишлоқдан ҳайдаб чиқариб юборибди.
— Биз катта фалокатни олдини олгани келган эдик. Сизлар бирорта жонлиқ сўйиб Қурбонлик қилишга хасислик қилдингизлар. Билиб қўйинглар, энди сизлардан бирорта бегуноҳ одамнинг жони қурбон бўлмагунча бу офатдан сира қутула олмайсизлар!- дейишибди мушкулкушодчилар.

Мени қизиқтирган саволларимга қаноатланарли жавоб олиб қайтаётганимда қишлоқдаги “Мустақиллик” маҳалласи фуқаролари йиғини раисининг фикрини ҳам эшитмоқчи бўлдим. Ҳамза Жўраев- ёш, хўшмуомала, маърифатли киши экан. Унинг мазкур воқеаларга жуда жиддий муносабатда эканини ҳис қилдим.
— Қўлимиздан келганича, имконият даражасида барча жабрдийдаларга ёрдам кўрсатмоқдамиз. Туман ҳокимлигига бўлиб турган воқеалар ҳақида батафсил хабар бердик. Ўшандан кейин бизга доимий навбатчиликда турадиган ўт ўчириш машинасини бириктириб қўйишди,- деди у. Шу пайт хонага ўн тўрт ёшлардаги қиз бола ҳаяжонланиб кириб келди. Марди бобонинг невараси экан.
— Тез борар экансиз. Уйимиздаги нарсалар яна ёнаяпти. Менинг уст-бошларим, кофталарим, кўйлакларим ёниб кетди. Кўрпаларимиз ҳам ёнаяпти,- деди у. Биз Марди бобоникига қараб югурдик. Мен йўл-йўлакай қизнинг исмини сўраб олдим. Исми Зарифа экан. Келажакда ким бўлмоқчилигини сўрадим. Агар Тошкентга келса, мен уни шаҳар бўйлаб томошо қилдиришимни, паркларга, зоопаркка олиб боришимни, катта ўқишларга кирса, унга китобларимни совға қилишимни айтдим. Минг афсуски, мен унга “насиб бўлса” демаган эканман, шекилли.
Ҳурматли ўқувчилар, энди сиз қуйидаги ажабтовур факт- далилларга эътибор қилинг.
Марди бобо – қишлоқда энг биринчи бўлиб уйи куйган Жони бобонинг қайниси, хотини Муомала момонинг укаси экан. Опасининг дам-бадам уйи ёнишидан тўхтамаганини кўрган ука, Нурота шаҳрига бориб жинларни ҳайдайдиган энг зўр азайимхон эшонни олиб келибди. Эшон бобо уй эгаси Жони бобони қамчи билан савалаб, унга ёпишган жинларни қувиб чиқарибди. Қурбонлик қилишни, садақа улашишни буюрибди. Аммо ёнғин чиқрувчи жинлар худди ўчакишгандек, гуёки, Жони бобоникига эшонларни олиб келгани учун Марди бобонинг уйига кўчибди.
Кечагина мен билан сўҳбатлашишга ирим қилган бу ҳовлида саросима босиб анграйиб ўтирган чол- кампирни, ерга чўккалаб олган келинининг аҳволини кўриб ўзим ҳам ҳаяжонга тушиб қолдим.
— Жинларни опасининг уйидан мана шу одам эргаштириб келди, — деди Марди бобонинг хотини Турсунтош момо Умирова бошини худди соат капгиридек уёқдан бу ёққа чайқаб. Ҳайратдан ҳангу манг бўлган Марди бобо нима дейишини билмай турарди.
— Бизларни бу ердан кўчиришсин ёки бирор чорасини кўришсин. Нима учун ҳеч ким келиб ҳолимиздан хабар олмайди? Агар бу жинларни иши бўлса, бу ерга жинларга кучи етадиган битта муллани келтириб қўйишсин!-деди йиғламсираб Марди бобонинг келини.
— Ҳамма нарса ёниб тамом бўлди. Уйдаги кўрпа-тўшак, кийим-кечакларимиз, гиламлар, ҳатто, болаларнинг мактаб папкалари ҳам ёниб кетди,- деди Турсунтош момо. Унинг кўзларида қўрқинч ва саросима аломатлари акс этганди. Момо бир қучоқ ёнган кийим-бошни олдимга келтириб ташлади. Сув сепиб ўчирилган кийимлар уюмига қараб нима дейишимни билмай қолдим. Узун айвонли уйнинг шиферланган томи бутунлай ёниб битганига кўзим тушди. Уларнинг психолог ёрдамига муҳтож эканини тушундим.
— Нарса топилади. Жонга зарар етмабди, шунга шукур қилинглар!-дедим мен уларни тинчитишга уриниб. Эй Худо-ё! Мен ҳали воқеалар ечими айни шу томонга қараб бораётганини хаёлимга ҳам келтираолмасдим.
— Э, ана ёнаяпти, — деди Турсунтош момо зор қақшаб. Қарасам, сўри ходага ташланган бир неча жойи ёниб адои тамом бўлган кўрпача кўз ўнгимда ўз-ўзидан худди қуюндек бўралаб тутаяпти. Тутун бирдан лов этиб аланга олди-да, кўкимтир, қизил тусда товланиб шиддат билан тез ёнабошлади. Мен бу сирли ёнғинни ўз кўзларим билан кўриб турардим. Бутун вужудимни ҳаяжон қоплаб олганди. Момо жон ҳолатда сув тўлдирилган челакка ёпишди.
— Тўхтанг! Ўчирмай туринг! Майли, ёнсин! Кўрайлик-чи! Барибир бу кўрпачаларнинг фойдаланадиган суроби қолмаган-ку!,- деб қолдим.
Ёниб бўлган кўрпачага қараб, сира мантиқли жавоб топаолмасдим. Бугун сирли ёнғиннинг бошланганига 91 кун бўлибди. Афтодаҳол тарзда ўқувчи қизнинг кийимлари ёниб кетган хонага кирдим. Унинг кийимлари янги таъмирланган бир хонанинг бурчагига киритиб қўйишган эканлар. Ўз- ўзидан ёниб кетибди. Уйдан чидаб бўлмайдиган даражада аччиқ куйинди ҳид анқирди.
Мен Зарифадан бўлган воқеани ўз қўли билан ёзиб беришини сўрадим. Унинг хатидан кўчирма: “Биз уйда ўтирганимизда қандайдир ҳид чиқди. Қарасак, битта кофта куйиб ётибди. Уни ўчириб, ҳушёр бўлиб турдик. Лекин минг эҳтиёт бўлмайлик, чорпоянинг устидаги кўрпачанинг юзаси ёнди. Кўрпачаниям ўчириб бўлганимиздан сўнг уй ичидаги жиҳозларни чиқараётганимизда яна ҳид анқиди. Лекин бу ис қаердан чиқаётганини излаб топаолмадик. Ҳовлида юрганимизда деразадан тутун кўринди. Кира солиб қарасак, бурчакда йиғилган кўрпа-тўшаклар ёнаяпти. Уй тутутунга тўлган эди. Отам кўрпа-тўшакларни чиқариб ташлади. Ёнган нарсаларни биргалашиб ўчирдик.”
Мен Тошкентга қайтиб келгач, Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур билан учрашдим.
— Давлатнинг расмий идора ходимлари ушбу сирли ҳодиса ҳақида журналистлардан эшитса,” сизлар олди-қочди мишмишларни яхши кўрасизлар”, деб гапимизга эътибор қилишмайди. Сиз республикамизда таниқли ислом олимисиз. Қишлоқ аҳли сизни ушбу воқеаларни ўз кўзларингиз билан кўрганингизни мутасадди идораларга етказишингизга умид боғлаб кутишмоқда,-дедим.
— Биз раҳбарият томонидан буюрилган топшириқ бўйича воқеа содир бўлган жойга бориб, қўлимиздан келганича дуолар ўқидик. Ушбу сафаримиз ҳақида ўз раҳбариятимизга тегишли ахбаротларни бердик. Агар айтишса, биз жинларни ҳайдайдиган махсус муллаларимизни топиб, қишлоққа юборамиз,-деди шайх Абдулазиз Мансур.
Республикамизда бундай кутилмаган воқеаларнинг оқибатларини тугатиш билан бевосита шуғулланувчи Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бор. Ушбу вазирликнинг мутасадди раҳбарлари, Фанлар академияси олимлари, суд- мед экспертиза , қолаберса қилни қирқ ёрадиган милиция, МХХ ходимлари бу ғаройиб ҳодиса билан жиддий шуғулланиб бунинг келиб чиқиш сабабларини аниқлашлари керак. Варистон қишлоғидаги 15дан ортиқ талофот кўрган хонадонларга тегишли ёрдам кўрсатилса ва бу ҳақда кенг жамоатчиликни хабардор қилинса, халқ орасида тарқалган турли миш-мишларнинг олди олинган бўларди. Агар мазкур кўргуликлар техник, физик, кимёвий ёки биз билмайдиган бошқа табиат қонунлари сабабли рўй бераётган бўлса, буни жамоатчиликка тушунтиришсин. Борди-ю, бу ҳодисалар шайх Абдулазизнинг кўпгина газеталарда берган интервьюларида айтганидек илоҳий бир синов бўлса, буни ҳам баралла айтишсин. Ҳозирча бунинг сабаби бизга қоронғу. Наҳотки, қадимги римликлар айтганидек “Ignoramus et ignoradi mus” яъни “Биз буни билмаймиз ва ҳеч қачон билаолмаймиз ҳам” бўлса?! Аллақаерда ўқиган эдим, гуёки Америкалик бир миллардер “кимки менга фан нўқтаи назаридан исбот қилиб бўлмайдиган бирорта мўъжизани кўрсатса, мен унга миллион доллар мукофот пули ҳадя қиламан”, деган экан.

Газетада чоп этилган мақоламнинг сўнгида мен қуйидаги иловани ўқиб қолдим:

Газетамиз саҳифаланаётганида нохуш хабар эшитдик. 8 синф ўқувчиси Зарифа Мардиева ўз- ўзидан ёниб кетиб, шифохонада ҳаётдан кўз юмибди.

Зарифанинг фожеали ўлимидан сўнг тўхтаган “сирли ёнғин”

Орадан кўп ўтмай мен яна Нарпай туманининг Варистон қишлоғига бордим. Марди бобонинг қайғу- алам билан кўйиниб айтиб беришига қараганда, кун пешиндан оққан, соат 3-4 оралиғидаги пайт экан. Марди бобонинг ҳовлисига туташ тутзорда уларнинг сигирлари боғланган экан. Марди бобо молларга сув бериш учун ўрнидан турганида Зарифа келиб қолибди ва “бобожон мен ўзим уларни суғорақоламан, деб тутзор томон ўйноқлаб югурибди. Шу пайт Марди бобонинг кўз олдида аллақаердан пайдо бўлган олов келиб Зарифага урилибди ва унинг кўйлаклари баданига ловуллаб шиддат билан ёнабошлабди. Зарифа ўзини ариқчадаги сувга ташлабди. Лекин унинг бутун бадани куйиб тамом бўлган экан. Уч кундан кейин у Мирбозордаги туман касалхонасида вафот этибди. Бу ҳодисани шарҳлаш учун менинг ақлу фаросатим ва мантиғим ожизлик қилади. Мен қайтишда яна маҳалла фуқаролар йиғинига кирдим. Улар менга масаланинг ечимига таалуқли бўлиши мумкин бўлган қизиқарли бир воқеани сўзлаб беришди. Маълум бўлишича Зарифанинг ота- онаси ажралишган бўлиб улар бошқа турмуш қуришган ва бошқа шаҳарларда яшар эканлар. Шунинг учун Зарифа бобосининг қўлида тарбияланаётган экан.
— Менинг олдимга ўз ота-онамни чақириб келинглар!- дебди у. Ота-онасини чақириб келишибди.
— Нега ундай қилдинглар!- дебди Зарифа уларга.
— Бу, ҳаёт болам, -дейишибди унинг ота-оналари.
— Энди, кетаберинглар сизлар ҳам ўз ҳаётларингизга!- дебди Зарифа.
— Мен жаннатга тушаманми?! Мен жаннатга тушаманми?! Мен жаннатга тушаманми?!- дебди Зарифа ҳаётдан кўз юмаётган чоғида врачларга.
— Сен жаннатисан Зарифа! Сен жаннатисан!- дегим келади унинг руҳи покига. Мен бу мақоламни бундай ғамгин ва қайғули оҳангда якунламоқчи эмасдим. Начора?!
Ўша кундан кейин қишлоқдаги барча “сирли ёнғинлар” ўз-ўзидан тўхтабди.

Мақолани бошдан охиригача эринмай ўқиб чиққанларга ўз миннатдорчилигимни билдираман — Мирёкуб Кобилов.

Lifetime — make your life better!