BUYUK SOHIBQIRON AMIR TEMUR HAQIDAGI AJOYIBOTLAR

Barchamizga tarixdan ma’lumki, buyuk insonlar tug’ilishi va hayoti g’aroyib hodisalar bilan bog’langan. Bugungi maqolada, buyuk sohibqiron Amir Temur haqidagi ajoyibotlar haqida so’z boradi.

Мирёкуб Кобилов
Muallif: Miryoqub Qobilov

Jurnalist, sayohatchi va dinshunos.

Буюк соxибқирон Амир Темур ҳақидаги хабарларда тақдир ажойиботлари. (Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг!)
Биринчи ажойибот.

ИбнАрабшоҳ: “Ҳикоя қиладиларки, Темур туғилган кечаси ҳавода қандайдир учиб юрган темир қалпоқчага ўхшаш бир нарса пайдо бўлган. ( Темурийлар даврида ишланган миниатюра суратларда тасвирланган қирғизларнинг бош кийимига ўхшаш қалпоқчалар, бугунги кун тили билан айтганда, “учар ликопчалар” назарда тутилмоқда.) Кейин у кенг бўшлиққа тарқалиб, ер юзига ёйилиб кетган эмиш. Ундаги чўғ ва учқунга ўхшаш нарсалар ҳар томонга сачраган ва уйилиб, ҳатто ўтроқ ва бадавий жойларни ҳам тўлдириб борган эмиш”…
Ушбу манбада келтирилган бу жуда ғаройиб воқеага жиддий эътибор қилинг. Маълумки, ер юзида улкан ижтимоий ўзгаришлар содир бўлиши арафасида келиб чиқиш табиати бизга номаълум бўлган аллақандай сирли самовий кучларнинг аралашуви кузатилади. Эсингизда бўлса керак ўтган асрнинг 80 йилнинг охири ва 90 йилларнинг бошланишида авалқудрат Совет империясининг қулаши арафасида марказий ва маҳаллий газеталаримизда “учар ликопчалар” ва “гуманоидлар- самовий келгиндилар” ҳақидаги материаллар тўлиб тошиб кетганди. Демак, Соҳибқирон Амир Темурнинг тарих саҳнасига келиши учун илоҳий тақдирнинг ҳам ўз ўрни бўлганга ўхшайди. Афсуски, ушбу ғаройиб фактлар Темурийлар тарихини ўрганувчиларнинг назаридан четда қолиб кетган. Бунинг ўрнига Совет мафкураси ҳукмрон бўлган замонларда Амир Темур ҳақида гап кетганда улар Ибн Арабшоҳнинг: “Яна айтишларича, Темур туғилганда унинг қўллари янги қонга буланган экан. Бу аҳвол тавсири фолбинлар ва азайимхонлардан, каромат кўрсатувчи жодугару қоҳинлардан сўралганда, улардан баъзилари: “ У ўғри ва йўлтўсар бўлиб улғаяди” деса, яна бир гуруҳи “ Йўқ, у қассоб ва қонхўр бўлади” дебди, яна бир хиллари эса “йўқ, ундан жаллод ва каллакесар чиқади”, дебдилар”, деган ғаразли мишмишларини асос қилиб кўҳна тарих саҳнасида сезиларли ва муносиб из қолдирган буюк шахсни қоралашга уринганлар.

Иккинчи ажоиботга ўтамиз.

Америкаликмашҳур ёзувчи, Нобель мукофоти лауреати Жон Стейнбек ўзининг “Чарли исмли итим билан Америка бўйлаб сайёҳат” деган китобида ўз орзусида ардоқлаб юрган бир масканга бориб ҳақиқий манзарани кўрганидан ҳавсаласи пир бўлиб “наҳотки, Самарқандга борганимда ҳам шундай аҳволга дуч келсам-а”, деб хавотирга тушганини ёзади. Стейнбек Самарқандга келган, келмаганидан хабарим йўқ. Аммо буюк бобокалонимиз Амир Темур қайта қурдирган ва Шерозлик Ҳофизнинг “Агар кўнглимни шод этса ўшал Шероз жонони, Қаро холига бахш этгум Самарқанду Бухорони” деб куйланган Самарқандни кўриш учун йил сайин дунёнинг турли бурчакларидан келаётган сайёҳлар сони кундан кунга кўпайиб бормоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиеевнинг ташаббуслари билан чет элликлар учун виза олиш муаммоси енгиллаштирилса, уларнинг сони янада ошишига аминман. Мақсадга қайтсак. Бугунги кунда Амир Темур мақбарасини зиёрат қилиш учун Самарқандга келган меҳмонларга Россия телевидениесининг кўпгина каналларида қайта-қайта намоиш этилган, Ўзбекистонлик машҳур ҳужжатли кинорежиссер, Совет иттифоқи халқ артисти, Малик Қаюмовнинг хотиралари асосида суратга олинган “Темурнинг қарғиши” деган ҳужжатли фильмда ҳикоя қилинган ажойиб ва ғаройиб бир воқеани гапириб беришади. Ушбу воқеаларга ўзи бевосита гувоҳ бўлган Малик Қаюмовнинг айтишига қараганда, 1941 йил, 17 июн куни Сталиннинг буйруғи билан Москвадан келган бир гуруҳ олимлар, маҳаллий олимлар билан ҳамкорликда (гуёки яширинган хазина топиш мақсадида) буюк фотиҳ Амир Темурнинг қабрини очиб кўришга киришибдилар. Малик Қаюмов: ”Мен мақбарадан чиқиб кўчанинг нариги бетидаги чойхонага бориб нонушта қилмоқчи бўлдим. Чойхонада ўтирган учта қария менга қараб, “сени ҳам бу қабрни ковловчиларга алоқанг борми?” деб сўрашди. Шунда улардан бири менга қадимий қўлёзма китобни очиб “ Амир Темурнинг қабрини безовта қилиш мумкин эмас, акс ҳолда унинг руҳи безовта бўлиб, мамлакатда уруш олови аланга олиб кетади” деган мазмундаги сатрларни кўрсатишди. Мен ёшлигимда мактабда араб тилини ўрганган эдим, шунинг учун бу гапларни ўз кўзим билан ўқидим…”деб ёзибди. Шундан кейинги рўй берган воқеаларни ҳамма билади. 22 июнда Иккинчи Жаҳон уруши бошланиб кетди. Амир Темур ҳақидаги тақдир ажойиботлари фақат шу воқеа билан тугамайди.

Энди мен сизларни бу ажойиботларнинг оламшумул давомига эътиборингизни қаратмоқчиман.

Учинчи ажойибот.

1991 йилнинг бошларида истеъдодли журналист Ҳаким Сатторийнинг “Ёш Ленинчи” газетасида “Амир Темур юрган йўллар бўйлаб экспедиция” уюштириш ҳақидаги таклифи босилди. Кутилмаганда бу таклиф жуда кўпчилик томонидан қўллаб қувватланди. Газета таҳририятига экспедиция сафида иштирок этмоқчи бўлганлардан илтимосномалар келиб туша бошлади. Ҳатто бу экспедиция харажатлари қоплашни ўз бўйнига олмоқчи бўлган ҳомийлар, турли идоралар ва тадбиркорларнинг қизиқиши ҳам катта бўлди. Хуллас экспедиция қатнашчилари сараланиб уларнинг сони 20 кишидан ортди. Экспедиция 20 кунга мўлжалланганди.
Экспедиция 1 август куни сафарга чиқиши мулжалланган эди. Экспедиция жўнашидан икки кун олдин мен ва 11 ёшли ўғлим Синдбод билан “Ёш Ленинчи” газетасининг муҳаррирлар хонасида журналист Рустам Боймуҳаммад деган йигит билан сўҳбатлашиб ўтирган эдик. Эшик очилиб хонага иккита аёл киши кириб келди. Улардан бири кўзига гардиши олтин зарҳалли қимматбахо қора кўзойнак таққан, эгнига ораста кофта – юбка кийган, университетнинг ёш зиёли домласига ўхшаган ўзбек миллатига мансуб тахминан 35 ёшлардаги жувон эди. Иккинчиси эса кўринишидан Хоразм вилоятидан келган қишлоқлик аёлларимизни эслатарди.
“Мен сизларнинг бошлиқларингиз билан учрашмоқчи эдим. Эшитишимча, сизлар Амир Темур юрган йўллар бўйлаб экспедицияга чиқмоқчи бўлиб турган экансизлар. Сизлар бу сафарни бир- икки ҳафта кечиктиришларингиз керак. Акс ҳолда сизлар буюк Совет Иттифоқини парчалаб юборасизлар”, деди у жиддий оҳангда. “Нималар деяпсиз? Сиз ўзи кимсиз?” сўрадим мен унинг бу гапидан ажабланиб. “Мен ҳозиргина Москвадан учиб келдим. Мен экстрасенсман. Менинг қобилиятимни синовдан ўтказиб расман эътироф этишган. Мана бу аёлни духтирлар ўлади, деб ҳукм чиқаришган экан. Мен уни даволаб тузатдим. Мана қўлимда керакли расмий ҳужжатлар. Менинг бундай мижозларим жуда кўп. Агар хоҳласангиз сиз билан ҳам тажриба сеанси ўтказаман.”, деди фолбиндан кўра зиёли профессорга кўпроқ ўхшаб кетадиган бу жувон. Мен бунақа сир-асрорли нарсаларга жуда қизиққаним учун дарҳол рози бўлдим ва стулда унга тескари бўлиб ўтирдим. Экстрасенс жувон орқамда туриб қўллари билан аллақандай ҳаракатлар қилабошлади. “ Нима қилаяпсиз? Сиз билан ишлаб бўлмаяпти!”, деди жувон жаҳли чиқиб. Ишончим комилки у менинг ичимда овоз чиқармасдан ўқиётган дуоларимни сезиши мумкин эмасди. Кутилмаган меҳмонлар яна бир марта ўзларнинг нима мақсадда келганликларини бошлиқларимизга етказишни тайинлаб чиқиб кетишди. “Нималар деб валдиради бу аёл?!”,-деди Рустам Боймуҳаммад. Бир вақт унинг ранги оқариб юзи гезарабошлади. “Э, менга нималар бўлаяпти. Ўзимни бошқача хис қилаяпман! Баданим титаб бораяпти. Сизга ҳеч нарса бўлмаяптими? ”, деди жисмоний ва руҳий соппа- соғлом йигит атрофига саросима билан боқиб. “Мен дуо ўқиб ўтирган эдим. Унинг амали менга эмас, сизга таъсир қилганга ўхшайди.”, дедим. “Илтимос, менинг учун ҳам дуо ўқиб қўйинг!”, деди у. “Ваҳима қилманг! Ҳар бир ёмон амални кетказувчи дуо амали ҳам бор”, дедим ва инсонларни инс ва жинлардан ҳимояловчи “учта қул оятини” ўқий бошладим. Журналист Рустам Боймуҳаммад бироздан кейин тинчланиб ўзига келди. “Худога шукур, ўзимга келдим. Қанақа дуо ўқидингиз, менга ҳам ўргатинг”, деди у. “Ривоятларда айтилишича, иссиқ-совуқ қилувчи бир яҳудий жодугар Пайғамбаримизни кўраолмасдан унга сеҳру- жоду қилибди. Пайғамбаримизни қалтироқ тутибди. Шунда Аллоҳ ўз Пайғамбарининг олдига зудлик билан фаришта Жаброилни юбориб барча ёмонликларни даф қилғувчи “Фалақ” ва “Ан-носс” сураларини ўргатибди. Мен шу сураларни ўқидим”, дедим. Ўша куннинг ўзидаёқ биз чақирилмаган меҳмонларни эсдан чиқариб юбордик. Газета бош муҳарририга ҳам экспедициямиз раҳбари Малик Муродовга ҳам бўлиб ўтган воқеа ҳақида оғиз очиб ўтирмадик. Орадан маълум вақт ўтгандан кейин мен Москвадан келган бу жувоннинг исми фамилиясини ёзиб олмаганим учун ҳанузгача афсусландим.
Экспедициямиз аввалдан режалаштирилгандек 1 август куни Матбуотчилар кўчасидаги хиёбондан бошланди. Расмий ҳукумат вакилларидан фақатгина “Ёш Ленинчи” газетасининг жонкуяр бош муҳаррири Раззоқ Жабборов ва Республика коммунистик ёшлар иттифоқининг биринчи котиби Азиз Носиров келиб бизларга оқ йўл тилади. Биз ҳомийлар томонидан текинга тақдим этилган шинам автобусларга ўтириб йўлга чиқдик. Экспедициямиз тафсилотлари Ҳаким Сатторийнинг сафар таасуротлари ҳақидаги китобларида батафсил баён этилган. Мен эса ушбу экспедициянинг менинг назаримда диққатга сазовор бўлган айрим жиҳатлари тўғрисида ўзимнинг кузатувларимни ёритишга ҳаракат қилмоқчиман.
…Биз худди аввалдан режалаштирилганидек буюк саркарда, жаҳонгир Амир Темурнинг пойтахти бўлган Самарқандга кирмасдан унинг туғилган юрти, Шаҳрисабздан унча узоқ бўлмаган Хўжа Илғор қишлоғини зиёрат қилишдан бошладик. Қаерга бормайлик бизларни жуда хурсандчилик ва зўр тантаналар билан кутиб олишарди. Шарқ меҳмондорчилигинг энг ёрқин тимсоли сифатида оёқларимиз остида қўйлар сўйиларди. Биз уларга Ўзбекистоннинг кўзга кўринган машҳур рассоми Рўзи Чориев томонидан Соҳибқироннинг ҳаётлик даврида чизилган деб қараладиган миниатюра асосида чизилган ва ёзувчи Мамадали Маҳмудов раҳбарлигидаги Ўзбекистон маданият фонди томонидан чоп этилган, Амир Темур портрет- плакатини тақдим этардик. Сафаримиз давомида бундай кўтаринки танталардан руҳланган бир неча колхоз раислари ҳали юртимизда Совет режими ҳукмрон бўлган бир пайтда мардлик қилиб халқимизнинг қулоғига оғир ботадиган Карл Маркс, Свердлов, Калинин, Коммунизм номли колхозларининг номини дилимизга яқин Амир Темур номига алмаштира бошладилар. Аммо кўча бўйларида катта -катта темир панно-плакатларда қўлини олдинга чўзиб “Сиз туғри йўлдан бормоқдасизлар, ўртоқлар!” деган бутун дунё йўқсилларининг буюк доҳийси Ленин номини ўзгартиришга ҳеч кимнинг журъати етмасди. Мени Шаҳрисабз шаҳри кўчаларидаги Россия ва Совет иттифоқининг турли минтақаларидан келган туристларнинг ниҳоятда кўплиги диққатимни тортди. Улар гуруҳ- гуруҳ бўлиб магазин ва дуконларга кириб пештахтада турган нимаики бўлса, пулни аямасдан сотиб олишарди. Харидорларнинг кўплигидан қўли қўлига тегмай савдо қилаётган бизнинг сотувчиларимиз эса хурсанд, димоғлари чоғ эди. Орадан кўп ўтмай юртимиздаги магазин пештахталари ҳувиллаб қолди. Фақат шундан кейингина магазинчиларимиз савдодан тушган бу қоғоз пуллар хазонрезгидаги япроқларга ўхшаб тутуруққа ҳам ярамаслиги тушуниб қолишди. Бундай ҳолни мен Тошкентда ҳам кузатган эдим. Ўша пайтларда Тошкент-Ашхабод поезди мунтазам қатнаб турарди. Туркманистондан келган меҳмонларимиз ҳам магазин ва бозордаги пештахталар устида нимаики турган бўлса ҳаммасини худди супуриб олгандек тозалаб кетишарди…
… Экспедициямиз давомида биз баққувват моторли “вездеход” машиналарда Қашқадарё тоғларининг илон изи йўлларидан зўрға ўрмалаб ўша пайтларда Совет иттифоқидаги ғоршунослар орасида анча машҳур бўлган Амир Темур ғори жойлашган ва журналист Ҳаким Сатторийнинг ота юрти бўлган Тошқурғон қишлоғига қараб йўл олдик. Бинолари ташландиқ ҳолига келиб қолган вайрона қишлоқ аянчли аҳволда ҳувиллаб ётарди. Теппадан келган буйруқ асосида бу қишлоқ аҳлининг деярли барчаси вилоятнинг чўл зоналарини ўзлаштириш учун мажбурий равишда кўчирилган экан.
Биз Ҳаким Саторийнинг отаси хонадонида меҳмон бўлдик. Эртасига биз, ривоятларга қараганда Амир Темур маълум вақтгача ўз йигитлари билан яширинган ғор ва катта жанглар олдидан икки атрофи баланд қояларда машқ қилиб тайёргарлик кўрган “Қалъаи шерон” дараси томон йўл олдик. Тик қоялар бағридаги бир- бирига туташган Амир Темур ғорининг оғзи катталиги 5-6 метр келарди. Экспедиция аъзоларимиздан фақат 8 киши, жумладан мен ва 11 ёшли ўғлим Синдбод ғорининг 850 метр ичкарисигача , ўртаси каттагина кўлдан иборат кенг саҳни залгача кириб бордик.
Табиатнинг буюк неъмати, муъжизаси бўлган бетакрор “Қалъаи Шерон” дараси ва Амир Темур номи билан боғлиқ ғорлар ҳақида гапириш алоҳида катта бир мавзу бўлгани учун тўхталиб ўтирмаймиз. Атрофдаги қоятошларнинг этагидаги яққол кўзга ташланиб турадиган, халқ тили билан айтганда “Дулдулнинг изи”, гелоглар ва палеонтологларнинг фикрича динозаврларнинг вулқондан отилган лаваларда аниқ муҳрланиб қолган излари жиддий тадқиқотларни талаб қилади.
Йўлда, сўқмоқдан бораётганимизда дарё лабидаги оқ кўкимтир кигиздан тикланган ёлғиз ўтовга кўзим тушди. Бизларга йўл кўрсатувчилик вазифасини бажараётган маҳаллий киши: “Бу ерда ёзувчи Евгений Березеков турибдилар” деб қолди. Мен бу одам билан илгари икки марта сўҳбатлашган эдим. Жамоатчилик уни бир вақтлар анча машҳур бўлган “Уч қудуқ – три колодца” деган қўшиқ муаллифи сифатида танийди. Мен ўғлим Синдбод билан уни зиёрат қилиш учун қолдик. Березековнинг хотираси ниҳоятда кучли эди. У мени дарров таниди ва сўҳбатлашишга рози бўлди. Сўҳбатимиз асносида у :“ бу маскан ер юзидаги коинот билан алоқа қилиш нуқтаси жойлашган Тибетдаги Кайлас тоғи сингари саноқли қувват ҳудудларидан биридир”, деди. Ҳозирда у ўзини 58 ёшда эканлигини, гарчи Гераклдек бақувват ва соғлом бўлсадан гўшт истеъмол қилишдан ва аёллар билан яқинлик қилишдан воз кечганини, ҳаётининг қолган қисмини зоҳидликда ўтказишга қарор қилганини айтди. Унинг гапига қараганда у асосан олма ва кепаги олинмаган қора нон еб тирикчилик қилаётган эмиш. Шу сабабли унда инсонда аслида мавжуд бўлган, кейинчалик йўқолиб кетган ёки мудроқ ҳолда тушиб қолган ноёб қобилияти тикланиб, олий ирқ табақасидаги самовий мавжудотлардан ваҳий олаётганини маълум қилди. Бир неча марта параллел оламларга бориб сайёҳат қилиб келганини, ўзга оламлардаги мавжудотлар унга сирли тумор совға қилишганини айтди. Бунинг исботи сифатида у менга гугурт қутисидан сал кичикроқ, ярқиратиб силлиқланган уч бурчак қора тошни кўрсатди. Туморнинг бир бетида “учинчи кўз” рамзи нафис усулда ўйиб ишланганди. “Бунга эътибор қил. Туморни япалоқ томонини кафтингга қўйсанг унинг вазни енгил, пирамида шаклида учини теппага тутиб турсанг у оғирроқ туюлади”, деди Евгений Ефимович.
Мен Евгений Ефимовичнинг томи кетиб қолибди ёки у мени боплаб лақиллатди, деб сира ўйламайман. Чунки ўша пайтда у юртимизда биринчилардан бўлиб “буюк Соҳибқирон Амир Темур” деб номланган романининг биринчи китобини ёзаётган эди. Кўп ўтмай бу китоб иқтидорли ёзувчи ва олим Маҳкам Маҳмудов томонидан ўзбекчага ўгирилиб чоп этилди. Березековнинг бу жойни танлашининг маълум сабаблари бор, албатта. Бир вақтлар у Шаҳрисабз шаҳар компартиясининг биринчи секретари бўлиб ишлаган эди. Табиийки, у кўп нарсаларга қизиқувчи ижодкор сифатида бу ҳудуднинг барча диққатга сазовор сўлим масканларини айланиб, кезиб чиққан. Шу ерда мен Березеков ҳақида айрим тили аччиқ одамлар орасида юрган бир нечта гап сўзни ҳам қайд қилиб кетмоқчиман. Эмишки, Березеков маҳаллий ҳокимият теппасида турганида ўз шотирларига қишлоқма- қишлоқ юриб кимнинг уйида, қўлида бўлган осори антиқа: қадимий қўлёзма китоблар, заргарлик буюмлари, қадимий тангалар, қўлда ишланган қадимий гиламлар, сўзаналар, халқ амалий санъати буюмларини арзон гаровга сотиб олиб келиб унга беришларини буюрган экан. Тўплаган бу ноёб буюмларни у Москвада яшайдиган ўғлининг адресига жўнатган эмиш. Хўп майли, ғийбатдан тийиламиз. Аслини эса Худо билади.
… Шу ерда Бухорода рўй берган жуда кулгули бир воқеа эсимга тушди. Биз шинам меҳмонхонада сўҳбатлашиб ўтирган эдик. Экспедициямиз аъзоларидан бири ўзини зукколигини намоён қилмоқчи бўлди шекилли, “Домулло сафаримиз давомида биз шу кунгача 19та қўйни еб, 20 яшик арақ ичибмиз!”, деди у ўз хурсандчилигини яшираолмай. “ И-и-и-е! Ҳали сиз бу нарсаларни ҳисоблаб юрибсизми?!” деди-ю, гуруҳимиз раҳбари Малик Муродовнинг дами ичига тушиб кетди. Гап шундаки, экспедиция аъзолари орасида албатта бизларнинг фаолиятимизни кузатиб юрган КГБ (Давлат хавфсизлик қўмитаси)нинг бирорта агенти ҳам борлигидан ҳеч ким шак-шубҳа қилмасди.
Сира эсимдан чиқмайдиган кейинги воқеалар ҳақида ҳам қисқача тўхталсак. Аввал айтганимдагидек мамлакатда ҳали Совет тузуми ҳукмрон эди. Экспедициямиз аъзолари Бухоро шаҳарни айланиб юриб Фрунзенинг ҳайкалини топишди.. Унинг хотирасини зиёрат қилиш учун эмас, албатта. Бухорони забт этган босқинчининг башарасига туфуруш учун. Мен ўзимни бу нафратдан тийиб қолдим. Чунки мен Фрунзени “Бухоро қуввати исломи дин аст” деб ўлкадаги халқларни жаҳолатда ботқоғига ботирган Саид Олимхоннинг жазосини бергани келган “Аллоҳнинг қамчиси” деб ҳисоблардим. Мен севимли руҳий устозим Абдурауф Фитрат ва Садриддин Айнийнинг китоблари орқали, ҳур фикр жадидлар душмани бўлган бу бемаза амирни Россияга тобе бўлган вассал мамлакатларнинг подшоҳ хонадонларининг фарзандлари ўқийдиган Санкт Питербургда кадетлар корпусида бор йўғи уч йилгина ўқиб қочиб келгани учун ёмон кўрардим. Шунинг учун у бир умр чаласавоб бўлиб қолиб мутаассиб ақидапараст руҳонийлар таъсири чегарасидан ташқари чиқа олмаганди. Бу золим битмас туганмас бойликка эга бўлиб туриб ҳам мамлакатда бирорта олий ўқув даргоҳи уёқда турсин, ҳатто дунёвий фанлар ўқитиладиган бирорта замонавий мактаб ҳам қурдирмаганди. Бу ишга астойдил бел боғлаган маърифатпарвар жадидларни эса жоҳил уламоларнинг “бизнинг халқимизга дунёвий фанлар керак эмас, бу фанлар халқимизни диндан узоқлаштиради, кофир жадидлар халқ орасида фитна ўйғотади. Бизга Қуръони каримнинг ўзи бас” деган гапларига кириб зиндонга ташлатган, кўзларини ўйган, қулоқ- бурнини кесдирган, қўйдек бўғизлаттирган эди. Умуминсоний маданият ва маърифат тарғиботчиси Исмоил Гаспирлини Ўрта Осиёда маърифат тарқатиш ҳақидаги таълимотини қўллаб қувватлагани учун 1919 йилда амир Саид Олимхоннинг буйруғи билан буюк мутафаккир, Маҳмудхўжа Беҳбудийни “жадидлар раҳнамоси”, “даҳрий” деган айблов билан Қарши шаҳрида қатл этилганди. Мен 20 асрнинг ўрталаригача, биз томонларда 20 йиллаб Бухоро мадрасасининг тупроғини ялаган муллоларимизнинг: “ Ер ҳўкизнинг шохида турибди. Ҳўкиз балиқнинг устида турибди. Балиқ сувда сузиб юрибди. Сув ниманинг устида турибди? -деб сўраган киши кофир бўлади”, “Ҳўкиз ерни у шохидан бу шохига олганда ер қимирлайди”, деб ўзларини ва халқни лақиллатиб келишганини жуда яхши эслайман.
Шунинг учун 19 асрнинг иккинчи ярмида яшаб ўтган, ислом динининг йирик ислоҳчиси ва мутафаккири Жамолиддин ал- Афғоний (1839 – 1897) араб-мусулмон ўлкаларида илм-маърифат чироғининг сўниши сабабларини кўрсатиб: “ Бунинг асосий сабабчилари ислом дини руҳонийларидир. Улар қаерда бўлишмасин ҳамиша дунёвий фанларни бўғдилар. Золим хукмдорлар эса уларни қўллаб қувватлади”, деб ёзган экан.
Амир Олимхон Афғонистонга қочаётганда ўзи билан бойликларининг бир қисмини олиб кетаолган холос. Қолган барча хазиналари большевикларнинг қўлига ўтди. Халқимизга тегишли бу беҳисоб бойликларимизни большевиклар поездларга босиб Россияга олиб кетишди. Мен тарихимиздан хафа эмасман. Тарихимизни ўзимиз хоҳлаганимиздек қайта- қайта ёзишимиз мумкин. Лекин уни ўзгартириб бўлмайди. Муҳими тарихдан ўзимизга кераклича ибрат- хулоса чиқариб олишимиз керак.
Шундай қилиб мамлакатимизда янги тарих бошланиши арафасида, 17 август куни биз Самарқандга кириб келдик ва буюк соҳибқирон Амир Темурнинг қабрини зиёрат қилишга бордик. Ҳаммага маълумки, 18 август куни социалистик ҳамдўстлик мамлакатларининг пойтахти бўлмиш Москвада давлат тўнтариши рўй берди. ГКЧП аъзолари деб номланган бир ҳовуч маст-аласт каллаваранглар Форос деган жойда СССР деган малакатнинг келажакдаги йўналиши ҳақида бош қотираётган қонуний Президентини касалга чиқариб қўйиб мамлакатнинг бошқарув тизимини ўз қўлларига олишга уринишди. Экспедициямиз 20 августда Тошкентга қайтиб келди. Пировардида, 21 августда эса доимо буюк ва қудратли деб куйланган мамлакатнинг пойдеворига путур кетди. Воқеаларнинг давоми эса барчага аён. Мана орадан шунча йил ўтган бўлсада, мен Москвадан атайлаб келганман деган аёлнинг гапларини сира ёдимдан чиқараолмайман. Наҳотки, мамлакатимизни мустақилликка эришишида Амир Темур бобомизнинг хизматлари ҳам бўлса ёки бу воқеалар силсиласидаги оддий бир тасодифми? Мен ва журналист Рустам Боймуҳаммад ( ўшандан бери у кишини кўрганим йўқ. Соғ-саломат юргандир) гувоҳ бўлган Москвалик сирли жувон келажакда содир бўладиган воқеаларни олдиндан қандай билди экан?!”, деб ўйлайман. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, буёғи сизларнинг ҳукмингизга ҳавола.

Miryoqub Qobilovning Facebook sahifasi>

Lifetime — make your life better!